“Картография ва геовизуализация” фани геодезия ва картография магистратура таълим йўналишида мутахассислик фанлари блокидан алоҳида ўрин олган. Ушбу фанни ўрганиш натижасида магистрант талабалар ГИС-технологиялари асосида юзаларни визуаллаштириш ва улардан фойдаланишни ўрганадилар, табиат хамда жамиятда бўлаётган ўзгаришларни, бундай ўзгаришлар кўрсаткичларини, динамикасини аниқлаш ҳамда картага олиш кўникмаларини эгаллайдилар.

Фанни ўқитишдан мақсад – магистрантларга геоинформатика ва ГИС ҳақида маълумот бериш, геоинформатика, картография ва масофадан зондлаш фанлари орасидаги боғлиқлик моделларини аниқлаш, геоинформацион картага олиш методлари ва усулларини билиш, геотасвирлар, уларни синфлари, таснифланиши ва мувофиқлаш, уларда генерализация ишларини олиб боришнинг асосий йўналишлари, ГИС-технологиялари асосида географик қонуниятлар, табиий шароитни ва унинг ресурсларини комплекс ва тизимли 2, 3 ўлчамли картага олиш, турли мавзудаги табиат тармоқларининг серияли мавзули карталарининг мазмунини, легендасини ишлаб чиқишни ўргатишдан иборат.

Фаннинг вазифаси - талабаларга замонавий геоахборот тизимлари дастурларини танлашни билиш, табиий ва социал-иқтисодий объектларни картага олишнинг ГИС-технологиялари усули ҳақида назарий билим бериш, географик қонуниятлардан тўғри фойдаланиб, карталаштириш учун қўлай ГИС-технологиялари дастури, методика ва усулларини танлаш, табиий ва социал-иқтисодий территориал комплексларни баҳолаш ва башоратлаш карталарини лойиҳалаш ва тузиш бўйича ГИСда малака ва тажриба ҳосил қилишдан иборат.