Фанни ўқитишдан мақсад – талабаларга Ер юзининг қуруқлик ва океанларга бўлиниши, Дунё океани ва унинг қисмлари, материклар, бош сув айирғичлар, ички ва ташқи оқим областлари, уларда шаклланган гидрографик тармоқларнинг ўзаро боғлиқлиги ҳамда Ўрта Осиё гидрографияси, сув объектлари ҳақида умумий назарий билимлар беришдан иборат. 

Фаннинг вазифаси - талабаларга гидросфера ва унинг ташкил этувчилари - океанлар, денгизлар, дарёлар, кўллар, ер ости сувлари, музликларга тавсиф берувчи гидрография фани ҳақида умумий назарий тушунчалар бериш; материклар гидрографияси, материкларнинг йирик дарёлари, кўллари, сув омборлари, музликлари, қор қоплами ва антропоген гидрографик тармоқлари ҳақида маълумотлар бериш; Ўрта Осиё дарёларининг сув режими ва тўйиниш шароити, музликлари, кўллари ва бошқа сув ҳавзаларининг умумий шаклланиш қонуниятларини ўргатиш, сув объектларига гидрографик тавсиф бериш бўйича малака ва тажриба ҳосил қилишдан иборат. 

“Ўрта Осиё Гидрография” ўқув фанини ўзлаштириш жараёнида амалга ошириладиган масалалар доирасида бакалавр: • - дарёлар, кўллар, сув омборлари, музликлардан иборат гидрографик тармоқлар; Орол ҳавзасининг гидрографик тармоқлари; Ўрта Осиёнинг ўзига хос гидрологик хусусиятлари; гидрографик тармоқларнинг географик жойлашиш қонуниятларини билиши керак; • - тоғ дарёлари ҳавзаларида табиий оқим ҳосил бўлиши, оқим мувозанати ва оқимнинг сарфланиш областларини чегаралай олиш; Орол ҳавзасида ажратилган гидрологик районларни ва уларнинг ўзига хос хусусиятларини тавсифлай олиш, гидрографик тармоқларни шакллантирувчи барча сув объектларининг ўзаро боғлиқлигини асослаш ва бу борада тўплаган билимларни амалиётга тадбиқ этиш кўникмаларига эга бўлиши керак; • Ўрта Осиё дарёлари, кўллари, сув омборлари ва улар тўйинадиган тоғ музликларининг гидрографик кўрсаткичларини қиёсий солиштириш; дарё тармоқлари зичлигининг ҳудуд бўйича ўзгаришини баҳолаш; Ўрта Осиёнинг ўзига хос гидрологик хусусиятларини ёрита олиш; сув объектларига умумий гидрографик тавсиф бериш ва тўпланган гидрографик маълумотларни илмий таҳлил қила олиш, улардан тегишли амалий хулосалар чиқара олиш малакаларига эга бўлиши керак.